Nazm
ШАЙТОННИНГ ИСТЕЪФОНОМАСИ
“Эй, Эгам, ер узра қирқ минг йил юрдим,
Истеъфога чиқмоқ фурсати етди.
Кўзларим қорайди, ҳар нени кўрдим,
Таъна, маломатдан қулоғим битди.
Олам сарҳадлари кенгайган сари
Кичраярми одам,
Билмам,
Ҳар қалай,
Неча ўлкаларни кезиб сарсари,
Муносиб бир рақиб топмам, не қилай?
Эҳ, бир пайтлар имон устивор эди,
Курашдан топардим ўзга завқ, ҳузур.
Ҳақ йўлдан чекинмоқ катта ор эди,
Менга бас келганлар кўксида ғурур...
Энди=чи... манфаат баридан устун,
Ҳеч кимса тортинмас ҳаром-ҳаришдан.
Номимни сотишар уялмай тун-кун,
Мудом мен бечора қолгум қарғишда.
Биттасининг нафси мисоли ўпқон,
Яшар миллионларни комига тортиб.
Барча қилғилукни қилар у нодон,
Гуноҳини шайтон юради ортиб.
Бошқаси кўз тикар ўзга молига,
Халқ мулкин кемирар мисоли сичқон.
Маймун йиғлар бўлса бир кун ҳолига,
Яна айбдор бўлар албатта шайтон.
Қай бир кимса бўлар ўз ҳирсига қул,
Зино қилар уйин унутиб бебош.
Пешонаси тошга теккан дамда ул,
“Шайтон йўлдан урди”, деб тўкар кўз ёш.
Риёкорлик сингди инсон қонига,
Бемалол яшарлар икки юз билан.
Кўз тикиб бошқалар молу жонига,
Қасам ҳам ичарлар нону туз билан.
Унутилди инсоф, адолат, шафқат,
Пулга топиндилар сен қолиб, Эгам.
Урф бўлди иғвою бўҳтон, разолат,
Бир-бирига душман авлоди Одам.
Мени қайтар яна Арши Аълога,
Эй, Холиқи олам, кечиргувчи зот.
Розиман дўзахда минг бир жазога,
Фақат шу азобдан бергил сен нажот.
Ўринбосар учун асло чекма ғам,
Гувоҳман шундайин ажиб замонга.
Одам фарзандлари мендан эмас кам,
Баъзиси дарс берар юзта шайтонга.
Хулласи, иблислик номидан кечдим,
Гарчи бу мансабдан кечишдай мушкул.
Энди мен лаънатлар ҳирқасин ечдим,
“Собиқ шайтон” дея қўяжакман қўл”.